Роналду 1 январдан Саудия клуби футболчисига айланади – ОАВ

image
-

Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду 1 январь куни Саудия Арабистонининг "Ал-Наср" футбол клубига ўтади. Бу ҳақда 5 декабрь куни Испаниянинг "Marca" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, шартнома 2,5 мавсумга мўлжалланган.

21 ноябрь куни Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби португалиялик футболчи билан шартномани ўзаро келишув асосида бекор этганини маълум қилди. Роналду журналист Пирс Морганга берган интервьюсида МЮ тизимини, футболчи ва мураббийларни танқид қилган. Оқибатда клуб футболчи билан шартномани бекор қилиш қарорига келган.

Маълумот учун, Роналду ҳозирда 37 ёшда, у 5 карра "Олтин тўп" соҳиби, 5 карра Европа Чемпионлар лигаси ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, терма жамоа билан Европа чемпионати ва Миллатлар лигасида ғолиб чиққан. Ҳужумчи “Манчестер Юнайтед”га 2021 йилнинг ёзида келиб қўшилганди, бунгача Криштиану "қизил иблислар" сафида 2003-2009 йилларда ўйнаган. Фаолияти давомида у Португалиянинг "Спортинг", Испаниянинг "Реал" ва Италиянинг "Ювентус" клубларида тўп сурган.